Англия Премьер-Лигаси бизга навбатдаги турда бир нечта саволларга жавоб топиб беришга сўз бермоқда: Луис Суарес ва "Арсенал" тўқнашуви, "Тотттенхэм" ва "Эвертон" ўртасидаги баҳс, "Челси"нинг ҳақиқий чемпионлик пойгасига киришиши ва бошқа ҳолатлар бизни бу дам олиш кунлари зерикиб қолмаслигимизни таъминлайди.
1. "Арсенал" учун “Must-win”
Бошқа ҳар қандай ҳолатда лондонликлар учун "Энфилд"да эришилган дуранг қониқарли натижа сифатида баҳоланар эди. Аммо, шанба куни Луис Суарес ўтган йили уни “боқишни” таклиф қилган жамоани “тишлаб” олишга ҳаракат қилиши аниқ (ҳазил). Бироқ ҳозирда "тўпчилар"нинг бор кучларини ўйинга ташлаб, "Ливерпуль"ни мағлуб этишдан бошқа чоралари йўқ. Биринчидан, февраль-март ойларида "Арсенал"ни жуда қийин тақвим кутмоқда, бу бўлса уларнинг совринсиз яна бир мавсум ўтказишларига турки бўлиши мумкин. Иккинчидан, "Челси" ва "Манчестер Сити"нинг тақвимига эътибор қаратсак, келаси 6 учрашувда улар ўртамиёна жамоалар билан учрашишади, бу бўлса уларнинг Премьер-Лига мусобақа жадвалида Арсен Венгер жамоасидан ўзиб кетишларига замин яратиб бериши мумкин.
2. Моуриньо муваффақиятни мустахкамлаши керак
Жозе Моуриньонинг сўнгги ҳафталардаги ишлари беш. У "Ақл ўйини"га тенглаштирилган баҳсларда ғолиб бўлди, унинг жамоасида ғалабалар серияси вужудга келиши мумкин, португалиялик мутахассис футболчиларини қўшимча рухлантириши ҳам шарт эмас — бу ишни жамоа «массажисти» Билли бажармоқда.
Бир неча вақт муқаддам португалиялик мураббий "Челси"нинг совринга бўлган имкониятига изоҳ беришга қаршилик қилган эди, энди бўлса у жамоасини сутга мухтож бўлган ёш отга ўхшатди. Тўғри, Моуриньо барчадан кўра "Вест Хэм" билан ўйинларда ёки бу турдаги "Ньюкасл"га қарши учрашувларда очко йўқотиш сўнгги вақтларда эришилаётган ютуқларни саробга айланиши билан тенг эканини яхши тушунади.
3. Сульшер "Суонси"даги пала-партиш вазиятдан фойдалана оладими?
Ҳа, "Суонси" Премьер-Лига доирасидаги сўнгги 9 учрашувдан 1тасидагина ғалаба қозонди, улар олдингидек ёрқин ўйин намойиш этиб бера олишмаяпти, Б режа бўлса жамоада йўқлиги маълум бўлиб қолди. Микаэль Лаудрупни бўлса бу ҳолат ўйлантирмади ҳам ("Вест Хэм"дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан сўнг қахрамонимиз Парижга дам олгани учиб кетди), бироқ рахбарият дерби олдиндан бўлса ҳам мураббийни ўз лавозимидан озод этиш керак деган фикрга келди. Балким, "оққушлар" даниялик мутахассиснинг истеъфосидан сўнг ўйиннинг баъзи томонларида ўсишга эришишар, бироқ ҳозирча журналистлар "Кардифф"ни мазкур дербида яққол фаворит сифатида кўришмоқда.
4. Хьютонга "Челси" намунаси ёрдам берармикан?
"Манчестер Сити" устидан қозонилган ғалаба, албатта, "Челси" учун жуда муҳим эди, бироқ Премьер-Лиганинг бошқа вакиллари учун бу қимматли дарслик бўлди. Жозе Моуриньо ҳудди бошқаларга хабар юборгандек: "Уларни мағлуб этса бўлади, биз сизларга бу қандай йўл билан бажарилишини кўрсатамиз". Йўқ, "Норвич" — бу "Челси" эмас албатта, Роберт Снодграссга бўлса Эден Азарни ушлаб қолиш учун елим зарур бўлади. Бироқ "шаҳарликлар" ҳамон таркиб борасида муаммоларга дуч келишмоқда, Крис Хьютонга бўлса "кўклар" каби ўйнашга (ҳеч бўлмаса бунга ҳаракат қилишга) ҳеч нарса ҳалақит бермаслиги лозим.
5. Малестин собиқ жамоаси “МЮ”га қарши нима ўйлаб топар экан?
Рене Малестиннинг "Фулхэм"даги ишлари шунчалик ёмон-ки, улар учинчи двизион аутсайдерларига имкониятни бой беришмоқда, баъзи футболчилар бўлса мазкур мураббийни танқид этиб, очиқчасига ўйин амалиёти талаб қилмоқда. Мусобақа жадвалида очколар йиғилмаяпти, сўнгги 5 ўйинда 1тагина гол киритилган, ўтказиб юборилган голлар бўйича "далачилар" Европа топ-5 чемпионатлари ичидаги энг ёмон натижага эгалар (факт).
Кўриниб турибди-ки, Малестинга ўзининг жонажон "Олд Траффорд"и ҳам ёрдам бера олмайди ва кўплаб миллионларга сотиб олинган Митроглу ҳам жароҳатидан ҳамон қутилмаган. Дэвид Мойес “МЮ”нинг бу сафар ғалабага эришиши учун қўлидан келган барча ишни қилиши тайин, сабаби “Стоук”га қарши учрашувдаги омадсизликлар жамоани янада ғазаблантирган, яраланган шер бўлса ҳар қандай рақибни “янчиб ташлашга” қодир дейишади..
6. Ким "Ливерпуль"га етиб олади?
"Тоттенхэм" ва "Эвертон" доимий кучли тўртлик учун курашишда давом этаёган икки жамоа сифатида ёдимизга қолмоқда, бироқ анчадан бери уларнинг тўқнашувини бунчалик катта қизиқиш билан кутилмаётган эди. Айни вазитда "тақачилар" кучли тўртликдан бор йўғи уч очкога қолиб кетишмоқда, "Эвертон" бўлса ундан ҳам камроқ — икки очко. "Уайт Харт Лэйн"даги баҳс қайси жамоа ЕЧЛга чиқиш учун курашишда давом этишга ҳақли эканини кўрсатиб бериши керак, иккинчи жамоа бўлса балким яна бир йилга бу йўлланмадан умидини узар. Нима бўлган тақдирда ҳам ўйин қизиқ ўтиши кутилмоқда.
Manba : Uff.uz
|